Asosiy menu

Пахта ва дон етиштириш қандай молиялаштирилади?

Вазирлар Маҳкамасининг 12.07.2018 йилдаги 533-сон қарори билан қайта тузилган Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси, шунингдек унинг ишчи органлари – Жамғарма кенгаши ва Департаментнинг фаолият юритиш тартиби белгиланди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармаси мазкур Жамғармага айлантирилди ҳамда у барча ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва шартномалар бўйича ҳуқуқий ворис бўлган ҳолда Молия вазирлиги тасарруфига берилди.
Жамғарма республикада пахта ва ғалла етиштириш, қишлоқ хўжалиги техникаси етказиб берилишини молиялаштириш билан шуғулланади. Жамғарманинг маблағлари манбалари ўзгармади.
Жамғарма пахта, ғалла етиштириш, харид қилиш ва қишлоқ хўжалиги техникаси имтиёзли лизинг шартларида етказиб берилишини молиялаштириш бўйича фаолиятини молия ва тижорат агентлари: «Агробанк» АТБ, «Ўзпахтасаноат» АЖ, «Ўздонмаҳсулот» АЖ, «Ўзагролизинг» АЖ, «Ўзмашлизинг» МЧЖ билан ҳамкорликда амалга оширади.
Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари томонидан етиштириладиган пахта хомашёсини етиштиришни молиялаштириш бўйича Ҳукумат қарорларида белгиланган тижорат банклари молия агенти ҳисобланади.
Жамғарма маблағлари махсус очиладиган мақсадли ҳисоб варақ орқали, Жамғарма ва молия, тижорат агентлари ўртасида тузилган Бош келишув асосида агентларга ажратилади.
Ўз навбатида, ушбу ҳисоб варақдан фойдаланиб:
молия агентлари Жамғарманинг мақсадли маблағларини пахта ва ғалла ҳосилини етиштириш харажатларини молиялаштиришга йўналтирадилар;
хизмат кўрсатувчи тижорат банклари пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиларига пахта ҳосилини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун маблағларни йўналтирадилар;
тижорат агентлари молия агенти орқали олинган маблағларни хизмат кўрсатувчи тижорат банклари орқали тайёрлов ташкилотларига йўналтирадилар;
тайёрлов ташкилотлари келиб тушган маблағлардан қишлоқ хўжалиги ташкилотларидан харид қилинадиган маҳсулот учун ҳисоб-китоб қилиш мақсадида фойдаланадилар;
«Ўзагролизинг» АЖ ва «Ўзмашлизинг» МЧЖ келиб тушган маблағлардан замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникаси етказиб берилишини рағбатлантиришда фойдаланади.
Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси Жамғарма маблағларининг мақсадли сарфланиши, тўловлар ва ҳисоблар тўлиқ ҳамда ўз вақтида амалга оширилиши устидан назорат қилади.
Департамент ходимларини рағбатлантириш тартиби аниқлаштирилди
Илгаригидек, Жамғарма кенгаши унинг юқори органи ҳисобланади, унинг таркибига Бош вазир ўринбосарлари, иқтисодиёт, молия, қишлоқ хўжалиги вазирлари ва бошқалар киради.
Жамғармани бошқариш директор раҳбарлик қиладиган Департамент зиммасига юклатилган.